2016 йил Россия Федерациясининг Саратов вилояти муфтийси М.Бибарсовнинг Дин ишлари бўйича қўмита номига йўллаган хатига асосан, ўзбекистонлик қори М.Ҳайдаров жорий йил Рамазон ойида таровеҳ намозларини ўтказиб беришлик учун Россиянинг Саратов вилоятига жўнаб кетди.

“Рашида” жоме масжидида 6 июнь кунидан бошлаб Рамазон ойи давомида таровеҳ намозларида Қуръони карим бошидан охиригача хатм этилмоқда. Ўтказилган таровеҳ ҳамда жума намозларида ўзбекистонлик қори намозхонларни чиройли Қуръон тиловати билан хушнуд этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.

Саратов вилояти муфтийси М.Бибарсов Рамазон ойида вилоятнинг чекка ҳудудларида жойлашган масжидларга қилган сафари мобайнида М.Ҳайдаров ҳамроҳлик қилиб, жойларда таровеҳ намозларини адо этиб, Қуръони карим тиловати ва таровеҳ тасбеҳларини ўқиб бермоқда. Йиғилган намозхонларга Рамазон ойининг фазилатлари ҳақида маърузалар қилинмоқда.