АҚШ давлат котиби Жон Керри яқин кунларда Тбилиси, Киев ва Варшавага ташриф буюради. Бу ҳақда АҚШ давлат департаментининг сайтида маълум қилинган.
Грузия пойтахтига ташриф 6 июль куни бўлиб ўтади. Маълум қилинишича, Керри Грузия бош вазири Георгий Квирикашвили билан мамлакатнинг НАТО билан ҳамкорлигини муҳокама қилади.

Керри 7 июль куни Украинага боради ва у ерда мамлакат президенти Пётр Порошенко, мамлакат бош вазири Владимир Гройсман ва “бошқа украин етакчилари” билан кўришади. У ерда Керри Украинадаги ислоҳотлар жараёни, Минск шартлари бажарилиши ва бошқа кўплаб масалаларда музокара олиб боради.

АҚШ давлат котиби 8 июль куни Варшавада ўтадиган НАТО саммитида АҚШ президенти Барак Обама билан учрашади. Маълум қилинишича, музокараларда НАТОнинг истиқболда хавфсизликни таъминлаши ва бошқа кўплаб масалаларда суҳбат олиб борилади.