City University London таркибига кирувчи Cass Business School тадқиқотчи гуруҳи электрон хат матнида ёлғонни фош эта олувчи алгоритм ишлаб чиқди. Бу ҳақида International Business Times хабар берди

Масалан, кишилик олмошларидан қочиш, ҳаракатларини ҳаддан зиёд исбот қилишга уриниш ва тавсифларнинг кўплиги носамимийликдан дарак бериши мумкин. Шунингдек меъёрдан ошиқ хушмуомала бўлиш ҳам ёлғоннинг белгиларидан биридир, чунки бундай хат муаллифи  суҳбатдошига ўзини янада яқин тутишга ҳаракат қилади. 

Тадқиқот муаллифлари ўзларининг "Алдов тўрининг фош бўлиши: Компьютер коммуникациясида автоматик равишда алдовни фош қилиш" тадқиқотларида изоҳ беришларича, алгоритм ташкилотларни фирибгарлик ва молиявий йўқотишлардан ҳимоя қилиш учун ишлаб чиқилган. 

"Бизнинг дастурий таъминотимиз компанияларга мижозларнинг рост ё ёлғон сўзлаётганларини, улар ҳақиқатда ҳамкорликни давом эттиришни исташяптими ёки йўқ - шуларни аниқлашга ёрдам бериши мумкин", - дейди Cass Business School'да маркетингдан сабоқ берувчи Ко де Рюйтер.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, алдов бизнесда жиддий қонунбузарликларга ва суд жараёнларига олиб келиши мумкин. Уларнинг баҳолашига кўра, фақат АҚШнинг ўзидагина ишбилармонлар ҳамкорларининг адолатсизлиги туфайли йилига 200 миллиард доллар йўқотишади. Шу боис янги алгоритм келажакда менежерларга ўргатилса, у ташкилотни юзага келиши эҳтимоли бўлган катта харажатлардан қутқаришда асқатади.