АҚШнинг энг йирик шоколад маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи Hershey компанияси, ўзининг рақобатчиси, яна бир Америка компанияси Mondelez Internationalнинг бирикиш тўғрисидаги таклифини рад этди, деб хабар қилмоқда The Wall Street Journal газетаси.

Маълумотларга кўра, Cadbury ва Milka каби машҳур шоколад савдо белгилари эгаси бўлган Mondelez International, Hershey билан қўшилишни 23 млрд долларга баҳолаган. Бу унинг ҳар бир акцияси учун 107 доллардан тўлашни англатади. 

"Компания директорлар кенгаши, манфаат бермаслиги ва Mondelez компанияси билан музокараларни давом эттириш учун асос бўла олмаслиги сабабли ушбу таклифни муҳокама этмасданоқ рад этди", - дейилади Hershey хабарида.

Нашрнинг таъкидлашича, агар ушбу битимга эришилганда, бирлашган компания жаҳон кондитер маҳсулотлари бозорида энг йириги бўлар эди. Унинг бозор сармояси 90 млрд долларга яқинлашар эди.

1894 йили Песильваниянинг Hershey шаҳрида асос солинган компания Қўшма Штатлардаги энг ёши улуғ компаниялардан бири ҳисобланади. Унинг йиллик товар айланмаси 7,4 млрд долларни ташкил этади. 

Иллинойс штатининг Дирфилд шаҳрида жойлашган Mondelez International 2012 йили Американинг Kraft Foods компанияси иккига бўлингандан сўнг ташкил этилганди. У, жаҳон кондитер бозорида 12 фоиздан кўпроқ улушга эга. Унинг йиллик айланмаси 33 млрд доллардан иборат.