Эй ғофил, ўйлама дунёда сенинг,
Қисматингни халлоқ айлаган уруш.     
Ўзи-ку умримиз жуда ҳам қисқа,
Яна қисқартирмоқ бу қандай юмуш?  
 

Одамзот яралибдики, низо, нифоқ, жанжалу урушларга тарих шоҳид. Эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги шиддатли уруш «дам қалам билан, дам қилич билан» бардавом. Машриқу мағрибзаминда эзгулик руҳи Хурмуз (Ахура Мазда), ёвузлик руҳи эса, Аҳриман (Ангра Маню) деб эътироф этилган. Бири тинчликни, иккинчиси урушни қўмсайди. Бирининг дилида бунёдкорлик, иккинчисида бузғунчилик ғоялари мавжуд. Оқил ва жоҳил, бедор ва ғофилнинг фарқи ҳам ана шу ниятларга боғланишида. Ғофил уйқудаги одам. Тириклик мазмуни, бедорлик моҳияти, умр, дунё мазмунидан у бехабар. Дунёга келиш ва кетиш унинг учун фарқсиз. Моддий манфаат ҳиссигина ўйлантиради, холос. Маърифатдан узоқ киши жоҳил. Жаҳолат ботқоғи ғофилнинг ҳам жойи. У ғафлат уйқуси ила банд. Уруш оқибати, замин ва замонга етказиладиган зиёнга у бефарқ. Унинг қалбида меҳр ўрнига қаҳр, муҳаббат ўрнига нафрат, ҳилм ўрнига зуғум ин қурган.

Икки зид қутбнинг яшаш тарзига эътибор қилинг. Бири илму ҳилм билан иш тутса, иккинчиси зулму зуғум билан иш юритади. Ёвузлик ҳомийси қуроли уруш. Бу эса онани боладан, болани отадан жудо қилиш, хонадонларда тўй ўрнига аза туттириш.

Шу пайтгача дунёда ўн беш мингдан ортиқ уруш бўлиб, 5,5 млрд.дан зиёд инсон қурбон бўлган бўлса, ҳаммаси ёвузлик қутбининг касридан. Бобокалонимиз Рудакий ҳазратлари  ўша даврдаёқ, хавотирга тушиб, нидо қилган эканки, асрлар қаъридан келаётган бу садо огоҳликка, ҳушёрликка даъват бўлиб янграётганини англаш қийин эмас.

Муаллиф: Раҳимбой Жуманиёзов