Миллий матбуот марказида Ўзбекистон аҳолисига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда. 

Бугунги кунда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг вилоят бўлимлари, бир юз етмишдан зиёд субфилиаллари, “103” тез тиббий ёрдам ҳамда санитар авиация хизмати эл саломатлигини асраш йўлида туну-кун узлуксиз фаолият олиб бормоқда. 

Замонавий тиббий ёрдамни аҳолининг барча қатламига етказиш  мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази олимлари ва шифокорлари томонидан ҳудудларда маҳорат дарслари ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирлар жараёнида малакали тиббий ёрдамга муҳтож беморлар чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилмоқда. Жойлардаги клиникаларда  кўргазмали операциялар намойиш этилиб, янги диагностика ва даволаш усуллари ҳудудий тиббиёт муассасалари амалиётига жорий этилмоқда.

Шошилинч тиббий ёрдам муассасаларининг автопарклари ҳам тобора янгиланмоқда. Кейинги йилларда тез тиббий ёрдам муассасалари тўрт юзта махсус транспорт билан таъминланди. Бу чақириқларга ўз вақтида етиб бориш ва инсон саломатлигини асрашнинг муҳим омили бўлаётир.