Олимларнинг фикрича, ҳар саккизинчи аёл ва ҳар ўнинчи эркак  бепуштликдан ёки фарзандли бўлишда жиддий муаммолардан азият чекади ва жуфтликларнинг ярми бу фактни шифокорлар ҳамда турмуш ўртоқларидан яширишади. Тадқиқотнинг тўлиқ матни Human Reproduction журналида берилган

"Бизни ҳайрон қолдирган нарса шу бўлдики, тадқиқотимизда иштирок этган кишиларнинг ярми ўзларининг фертиллик борасидаги муаммоларини била туриб, уни бартараф қилишга ҳаракат ҳам қилишмаган. Бунинг боиси жамиятда унга бепушт деган "ёрлиқ" ёпиштирилиши олдидаги қўрқув ёки турли ижтимоий-иқтисодий омиллар бўлиши мумкин", - дея маълум қилди Лондон гигиена ва тропик тиббиёт мактаби вакиласи Жессика Датта. 

Датта ва унинг ҳамкасблари Буюк Британиядаги бепуштлик муаммосининг кўламини ўрганиб чиқишди, бунда улар репродуктив ёшдаги 15 мингдан ортиқ аёл ва эркакнинг шахсий ҳаётини кузатишди ва улар орасида сўровнома ўтказишди. 

Сўровномаларга кўра, тахминан 10 фоиз эркак ва 13 фоиз аёл бепуштликдан азоб чеккан, уларнинг аксарияти 35-44 ёшли аёллар ва 35-54 ёшдаги эркакларга тўғри келади. 

Шуниси қизиқки, бепуштлик асосан бадавлат кишиларнинг муаммоси бўлиб чиқди - юқори ижтимоий-иқтисодий мавқега эга эркак ва аёллар Буюк Британиянинг камбағал аҳоли қатламидан чиққан жуфтликларга нисбатан сезиларли даражада муаммоларга дуч келишган. 

Диққатга сазовор яна бир жиҳат шундан иборат бўлганки, ёш аёлларда бепуштликнинг ривожланишига икки кутилмаган омил сабаб бўлган - жинсий ҳаётдан норозилик ва руҳий тушкунлик. Олимлар нима сабабдан бундай бўлишини ҳозирча билишмайди, бироқ улар бундан кейинги кузатишларида мазкур ҳолатни ўрганиб чиқишни режалаштиришмоқда.