Осиё тараққиёт банки (ОТБ) кичик бизнесни молиялаштириш учун Ўзбекистоннинг тўртта молиявий институтига 100 миллион АҚШ доллари ҳажмида заём беришни тасдиқлади.
 
Заёмлар Davr Bank, Hamkorbank ва «Ипак йули» банклари, шунингдек Uzbek Leasing International A.O. лизинг компаниясига берилади. 

"Ўзбекистонда ЯИМнинг 50 фоизидан кўпроғи ва бандликнинг 80 фоизи кичик бизнес улушига тўғри келади, бироқ қишлоқ жойларида молиявий ресурсларга кириш хизматлар ва бошқа бир қатор шароитлар етишмаслиги туфайли қийинлашади", - дея таъкидлади ОТБ Марказий ва Ғарбий Осиё Бошқармасининг молиявий сектор бўйича мутахассиси Алия Муҳамедярова.

Унинг сўзларига кўра, заём тўртта молия институтига кичик бизнес субъектларига кредит ажратиш имконини беради, бу эса янги иш ўринларининг яратилишига ва иқтисодиётнинг ўсишига олиб келади.  

Заём тақдим этилиши кичик бизнес ва тадбиркорлар субъектларининг ўсиб бораётган кредит ва лизингга бўлган талабини қондиришга ёрдам беради. Субзаёмнинг максимал суммаси 300 минг доллар қилиб белгиланган. 

Лойиҳани амалга ошириш даври 5 йилдан иборат бўлиши режалаштирилмоқда. 

 

Фото: АБР