ХХР раиси, Хитой Компартияси марказий қўмитаси бош котиби Си Жинпинг партиядош сафдошларини марксизм қоидаларини Хитойнинг бугунги кун талабларига мослаштириш, назарий ва амалий жиҳатдан янгиликларга интилишга чақирди.  

У, дунёдаги энг йирик сиёсий ҳаракат бўлган Хитой коммунистик партиясининг 95 йиллиги муносабати билан қилган маърузасида шундай фикрларни билдирган. 

"Марксизм сўнгги ҳақиқат эмас. У ҳақиқатга йўл очувчидир", - дея Жинпинг сўзларини келтиради "Синьхуа" агентлиги. 

Хитой етакчисининг қайд этишича, мамлакат коммунистик партияси марксизм ғояларига содиқлигини намойиш этишда давом этмоқда. 

У шунингдек, ХКПни "коммунизмнинг хитойча услуби, йўли, назарияси, тизими ва маданиятини мустаҳкамлашда бардам бўлиш"га чақирган.

ХХР раисининг фикрича, коррупция ва порахўрлик Хитой коммунистик партияси учун энг катта таҳдид ҳисобланади. 

2015 йил охиридаги маълумотларга кўра, ХКП 88 миллион 758 минг аъзога эга бўлган.