UzReport телеканали Ямал 401 сунъий йўлдоши орқали тўғридан-тўғри трансляцияларни вақтинча тўхтатиб туради. Бу ҳақда телеканал сайти хабар берган.

Хабарда маълум қилинишича, УЕФА томонидан шундай талаб қўйилган. Бунинг сабаби UzReport сунъий йўлдош сигнали Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги қўшни давлатлар ва бошқа хорижий мамлакатлар ҳудудларини ҳам қамраб олаётганлиги билан изоҳланган. 

Маълум бўлишича, УЕФА томонидан бундай чоралар Тожикистон ва Туркманистон телеканалларига нисбатан ҳам қўлланилган.

«Телеканал техник ходимлари тез орада географик чеклов тизимини ишга тушириши кутилмоқда. Бу чеклов ишга тушганидан сўнг юртимиздаги футбол мухлислари Евро—2016 учрашувларини Ямал 401 сунъий йўлодоши орқали UzReport TV телеканалида томоша қилишда давом этишлари мумкин бўлади», — дейилган хабарда.

Ямал 401 сунъий йўлдоши орқали Евро—2016 турнирини томоша қилаётганлар ўйин бўлиб ўтган куннинг эртасига соат 17:00дан бошлаб ўша учрашувни такрорий эфирда томоша қилишлари мумкин бўлади.