Инсон учун нима муқаддас? Иймон. Инсон учун нима муқаддас? Ватан. Бу иккиси жам бўлмаса, инсон мукаммал бўлмайди. Кеча шундай манзарага гувоҳ бўлдикки, дунёнинг барча ажойиботлари бир чеккада қолиб кетади. Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасида пойтахтимизнинг Бодомзор даҳасида жойлашган «Мирза Юсуф» жомеъ масжидида хатми Қуръон бўлиб ўтди. Минг шукр, шунчалик одам кўп бўлдики, масжид олдидаги майсазор ҳам мўминлар билан тўлди. Осмонда ой нур сочмоқда. Масжид томининг тепасидан эса Тошкент телеминорасининг энг юқориси кўринади. Унинг устида юрт байроғи ҳилпирамоқда. Бундай манзара остида ибодат қилишдан ҳам аъло бахт бормикин?..
Минглаб мусулмонларнинг масжида йиғилганлари кўнгилни равшан қилади. Рамазоннинг энг гўзал кечасида йиғилганлари аввал Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов, кейин Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов табрикладилар. Азон айтилгач, пойтахтимиз бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ҳазратлари хуфтон намозини ўқиб бердилар. Шундан сўнг Ҳамидов Садриддин қори, Камолов Абдулбасир қори ва Исмоилов Хумоюнхон қорилар бу йилги хатми Қуръоннинг сўнгги қисмига киришдилар. Охирги тасбеҳ олдидан чиройли бир воқеа бўлди. Уччала қориларнинг саждагоҳлари одамларга танитилиб, уларга тўн кийдирилди. «Мирза Юсуф» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ қори уларга ҳадя этилган дўппини кийгазмасликларини сўрадилар ва кейин изоҳ бердилар: “Фарзандни қори қилиб тарбиялаш осон иш эмас. Шу сабаб бу бошлар шунчалик табарукки, уларга дўппи кийгазиб тўсиб қўймайлик. Бу бошларга қиёмат куни Яратган каромат тожларини кийгазгай. Бу тожларнинг таратадиган нури олдида қуёшнинг нури ҳам ҳеч нарса бўлмай қолади. Илоҳим, қориларимизнинг оталари мана шундай бахтга муяссар бўлсинлар ва уларнинг бошларидаги тож таратаётган нурдан биз ҳам баҳраманд бўлайлик”. Барча омин деб, дуо қилди.
Шу тарзда Хатми Қуръон гўзал тарзда якунланди. Мусулмонлар бир-бирларини қутладилар ва қалблари иймон нуридан мунаввар бўлиб, уйларига қайтдилар. Гўзал кеча бўлди. Асрларга татигулик…