Бугун, 2 июль куни Европа чемпионатининг яна бир ярим финалчиси аниқланади. Тошкент вақти билан соат 23:55да Бордо шаҳрида, Германия ҳамда Италия терма жамоалари ўртасидаги ўйин бошланади.

Бу ўйинни бутун мусобақанинг марказий баҳси дейиш мумкин. Чунки финалда ҳам бу даражадаги кучли жамоалар тўқнаш келмаслиги аниқ бўлган. Германия амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланади ва Европа чемпионатининг ҳам асосий фаворити. Немислар Франция ва Испаниянинг ажойиб натижасини такрорлаб, Жаҳон ва Европа чемпионатларида кетма-кет ғалаба қозона олишадими?

Бу икки жамоа йирик мусобақаларнинг плей-оффида тез-тез тўқнаш келиб туришади. Лекин шу вақтгача бўлиб ўтган тўқнашувларда фақат италияликлар устун келган.

Ўтган Европа чемпионатида Италия Марио Балотеллининг дубли эвазига Германиядан устун келганди. 2006 йилги Жаҳон чемпионатининг ярим финалида ҳам Италия ва Германия тўқнаш келган. Ўша ўйинда ҳам Италия Фабио Гроссо ҳамда Алесандро Дель Пьеронинг голлари эвазига 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

1970 йилги ЖЧ ярим финалида тўқнашган жамоалар учрашувида италияликлар 4:3 ҳисобида ғалаба қозонган. 1982 йилда эса ЖЧ финаида Италия Германияни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратганди.

Жаҳон ва Европа чемпионатларида иккала терма жамоа 8 марта куч синашган. Италия 4 марта ғалаба қозонган, 4та ўйин дуранг натижа билан якунланган.

Умуман олиб қараганда эса, Германия ва Италия жами 33 марта ўйнаган. Италияда 15 ғалаба, Германияда 8 ғалаба, 10та дуранг. Тўплар нисбати 40:49.

Немислар бу қора анъанага барҳам бера олишадими? Мана шу саволларга бугунги ажойиб ўйинда жавоб оламиз.

Яна бир қизиқ маълумот. Германия Европа чемпионатлари чоракфиналида ҳеч қачон мағлуб бўлмаган.

Германия Европа чемпионтини «C» гуруҳида бошлади. Шимолий Ирландия ва Украинани мағлуб этган немислар Польша билан дуранг ўйнашди. Шу тариқа Германия гуруҳда биринчи бўлди. Чорак финалда Лёв шогирдларига Словакия рақиблик қилди. Тўғрироғи, рақиблик қила олмади ва немислар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Эътиборлиси, Нойер Европа чемпионатида ҳали бирорта ҳам гол ўтказиб юборгани йўқ.

Италия эса мусобақани «Е» гуруҳида бошлади. Бельгия ва Швецияни мағлуб этган итальянлар охирги турда Ирландияга енгилишди. Шу тариқа, улар ўз квартетларида биринчи бўлишди. 1/8 финалда Конте шогирдлари Испания билан ўйнашди ва катта устунликка эга бўлган ҳолда 2:0 ҳисобида рақибдан устун келишди.

Тribuna.uz сайтида ушбу ўйиндан матнли трансляция уюштирилади.