2016 йилнинг 11-25 май кунлари Хоразм вилоятининг барча шаҳар ва туманларида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан  “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним” шиори остида “Ёшлар ҳафталиги” ўтказилди. Тадирни вилоят ҳокими Бобожонов Пўлат Раззоқович очиб берди. 

Концерт дастури олидидан туманлардан ташриф буюрган ёшлар томонидан мустақиллигимизнинг 25 йиллиги мунособати билан “25” акциясига бағишланган ижодий ишлар кўргазмаси ташкил этилди.

Хоразм вилоятининг марказидаги “Авесто” мажмуасида Ўзбекистон халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Ғофур ва Ғулом Эшчановлар, Ўзбекистон хизмат кўрсатган артистлар Тўлқин Жабборов, Махсет Ўтамуродов, Ниҳол давлат мукофоти совриндорлари Малика Эгамбердиева, Жайхун Матмуродов, Дилмурод Султоновлар ҳамда опера ижрочиси Аминзода Жуманиёзовлар иштирокида гала концерт дастури билан якунланди. 

Фестивални ташкил этишдан асосий мақсад – ёшларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, ёшларни диний экстремизм ва “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларидан асраш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашишдан иборат.

Ҳафталик доирасида вилоят тарғибот гуруҳлари томонидан 

“Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз”, “Оммавий маданият ва ёшлар маънавияти”, “Одам савдоси – давр муаммоси”, “Диний экстремизм ва терроризм – ёшлар келажагига таҳдид”, “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?”, “Миллатлараро тотувлик – тараққиёт омили”, “Қалбимда улуғлай сени Ватаним!”, “Биз миллий қадриятлар тарафдоримиз”, “Буюкларга бешик бўлган юрт!”, “Китоб – билим  манбаи” лойиҳалари доирасида ҳар бир ҳудудда 10 дан ортиқ (жами 110 та) тарғибот тадбири вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари, вилоят Маданият ва спорт ишлари бошқармаси, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳудудий бирлашмаси, Огаҳий номидаги вилоят драма театри, Урганч давлат университети, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, “Ўздарётранс” миллий агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилиб, уларда жами 60 000 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди.

Ушбу ҳафталик вилоятнинг энг чекка ҳудудларидаги ёшларни ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништириш билан бир қаторда, ўзларининг иқтидорларини намоён қилишларида, умуман олганда, янги истеъдодларни кашф қилишда мухим аҳамият касб этди.