WBA ва WBO таснифлари бўйича ўта оғир вазнда жаҳон чемпиони, британиялик Тайсон Фьюри 29 октябрь куни украиналик боксчи Владимир Кличко билан реванш жангини ўтказади. У Буюк Британиянинг Манчестер шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда, Кличко менежери Бернд Бенте маълум қилди, деб хабар қилмоқда Worldboxingnews портали.

Аввалроқ, Фьюри Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилган Кличко билан 9 июлда Манчестерда бўлиши белгиланган жанг, тўпиғидан олган жароҳати туфайли қолдирилган эди. 

2015 йилнинг ноябрь ойида Германияда бўлиб ўтган 12 раундлик жангда, Фьюри ҳакамларнинг якдил қарорига кўра, Кличко устидан очколар бўйича ғалаба қозонган ва IBF, WBO ва WBA таснифлари бўйича профессионал бокснинг ўта оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритганди. Кейинчалик, британиялик боксчи мажбурий ҳимояни ўтказишдан бош тортгач, IBF камари тортиб олинганди.