Жорий йилнинг 25 июнь санасидан старт берилган «25» акциясининг мазмун-моҳиятини оммалаштиришда, ушбу акция доирасида нафақат ёшларнинг, балки барча юртдошларимизнинг жалб қилишда ОАВнинг ўрни жуда салмоқли ҳисобланади. Мана шуни ҳисобга олган ҳолда, юқорида айтиб ўтганимиздек, бошланиш арафасида турган “25” акциясининг матбуот анжумани «Камолот» ЁИҲ Қорақалпоғистон  Республикаси Кенгаши «Ёшлар маркази»да ўзгача шукуҳда бўлиб ўтди.

«Ватанимга дил изҳори!» мавзуида тайёрланган энг сара видеороликлар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилиши билан анжуман очиқ, деб эълон қилинди. Анжуман давомида «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши бўлим мудири М.Машарипов ва  Ҳаракатнинг  Марказий Кенгаши етакчи мутаxассиси Х. Убайдуллаевлар сўзга чиқиб, мустақиллигимизнинг муборак санаси муносабати билан ташкил этилган «25» акцияси ҳақида батафсил тушунчалар бериб ўтди.

«Мазкур акциянинг асосий мақсади, истиқлол йўлларида босиб ўтилган машаққатли йўл, эришилган улкан ютуқ ва марралар, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ҳар томонлама чуқур ҳис этиш, уни кенг жамоатчиликка етказиш, «Ким эдигу, ким бўлдик?» деган ҳаётий ҳақиқатни англаган ҳолда ёш авлодда ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашдан иборат. 

-  Мен ўйлайманки, ушбу акция доирасида энг кўп ва энг фаол ёшлар каторида, қорақалпоқ ёшлари ўзларининг ўзига хос ижодий намуналари билан ажралиб туради» - дейди «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг  Марказий Кенгаши бўлим мудири М. Машарипов. 

Анжуман эркин ва очиқ мулоқот кўринишида савол-жавобларга бой тарзда бўлиб ўтди.

-  «Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатни намоён этиш ҳам фидойилик саналади. Буни шунчаки Ватанни кўз-кўз қилиш деб эмас, балки мана шу қисқа фурсат, 25 йил ичидаги машаққатли ва улкан ютуқларга бой бўлган йиллар эканлигини чин кўнгилдан ҳис этиш ва теран англамоқ, деб тушунишимиз ва бу борада ўзимизнинг  ўзига хос такрорланмас ғояларимиз билан фаоллигимизни, Ватанга бўлган муҳаббатимизни, ватанпарварлигимизни намоён этмоғимиз даркор», - дейди Ҳаракатнинг Марказий Кенгаши етакчи мутаxассиси X. Убайдуллаев.