«Уимблдон» турнирига биринчи рақам остидан таснифланган сербиялик теннисчи Новак Жокович турнирнинг учинчи даврасида сенсацион равишда америкалик Сэм Куэррига (28) 6:7 (6:8), 1:6, 6:3, 6:7 (5:7) ҳисобларида мағлуб бўлди. Ўйин ёмғир туфайли бир муддат тўхтатиб турилган.

Бу мағлубият Новак учун «Катта дубулға» доирасидаги турнирларда 2015 йилги «Ролан Гаррос»дан буён биринчиси бўлди ва у энди 2016 йилги «Катта Дубулға»ни қўлга киритишдан маҳрум бўлди. Жокович 2009 йилдан буён катта турнирларни бу қадар барвақт тарк этмаганди. Ўшанда у германиялик Филипп Кольшрайбергга «Ролан Гаррос»нинг учинчи даврасида ютқазганди. Уимблдонда Новак охирги марта турнирнинг иккинчи ҳафтасига ўта олмаслиги билан боғлиқ ҳолат 2008 йилда қайд этилган, ўшанда у иккинчи давра ўйинида Марат Сафинга осонлик билан енгилган.

Куэрри эса атиги тўртинчи марта «Катта дубулға» доирасидаги турнирнинг тўртинчи босқичига чиқди. Охирги марта у 2010 йили Уимблдон ва US Open турнирларида бу босқичда ўйнаган.

Америкалик ушбу теннисчининг кейинги рақиби француз Николя Маю бўлади. У Уимбилдоннинг яккалик баҳсларида илк марта 1/8 финалда ўйнайди.

Жокович Уимбилдондан сўнг Британияда қолади ва Британия ҳамда Сербия терма жамоалари ўртасидаги Дэвис Кубоги ўйинларида иштирок этади. 

25-31 июль кунлари эса Торонтодаги Rogers Cup турнирида иштирок этади Ундан кейин эса Риода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига йўл олади. Олимпиададан сўнг Цинциннатида турнир кутиб турибди. Ундан сўнг эса озгина дам оладиган Жокович US Open'да иштирок этади. 

Манба: Tribuna.uz