Италия терма жамоаси бош мураббийи Антонио Конте Евро-2016 чорак финалида Германиядан учралган мағлубиятда футболчиларни айбламаслигини маълум қилди.

«Факт шуки, жаҳон чемпионалари бизга қарши ўйинда ўз услубларини ўзгартиришга мажбур бўлди. Айтиш мумкинки улар биздан ҳайиқиб, ҳам ҳурмат қилиб ўйнади.

Йигитлар учун ўйин оғир кечди. Пенальтилар сериясида мағлуб бўлиб, турнирдан чиқиб кетиш жуда аламли. Лекин Германия – дунёдаги энг кучли терма жамоа. 

Биз бу ўйинда ғалаба қозона олишимизга ишонгандик, шунинг учун кийим алмаштириш хонасидаги вазият жуда қайғули эди.

Биз турнирда ғалаба қозонишни орзу қилиб, бу орзуимизга ишонгандик ва бу орзу учун тиш-тирноғимиз билан курашдик.

Биз биламиз, футбол гоҳи шодлик келтиради, гоҳи ғам. Лекин йигитлар уйга бошларини тик кўтарган ҳолда, виждонлари қийналмасдан қайтишлари мумкин.

Улар менинг қалбимда қолишади. Биз фантастик даражадаги 2 йилни биргаликда ўтказдик. Мен барча футболчилар, мураббийлар штаби, эпикировкалар бўйча менежерга, умуман барча-барчага миннатдорчилигимни билдираман. Биз ажойиб оилага айландик, афсуски бизнинг юришимиз бугун тўхтади. 

Терма жамоани тарк этиш қарорини аввалроқ қабул қилиб бўлганман. Инкор этмайман, бу қароримни ўзгартиришни истаган вақтларим ҳам бўлди.

Биз бу турнирда ўзимиздан ўчмас из қолдирмоқдамиз. Умид қиламанки, бу иштирокимиз бесамар кетмайди. Баъзи футболчилар учун бу илк катта турнир бўлди ва улар бу турнирда тўпланган тажриба эвазига янада ўсишлари мумкин.

Қачонки сен бор кучингни ўйинга ташласанг, ҳеч кимнинг хаёлига сени танқид қилиш фикри келмайди. Бу йигитлар улардан талаб этиладиганидан ортиқроқ жонкуярлик қилишди, улар барча кучларини майдонда ташлаб чиқишди. Буни одамлар кўрди. Бу йигитлар ўз мамлакатини жондан ортиқ кўришади. Мен Италия футболи келажагига оптимистик кўз билан қарайман.

Мен таътилга кетмаяпман. Саргузашт давом этади. Энди бу мағлубиятни унутиш учун 1 ҳафта дам оламан ва «Челси»даги йўлимни бошлайман. Биламан, бу оғир йўл бўлади. Лекин мен шундай қийинчиликларда ўзимни синаш ва ўзимни намоён этишга иштиёқмандман», - деган Конте.

Бордодаги «Матмут-Атлантик» стадионида Германияга қарши кечган ўйиннинг асосий вақтида ва қўшимча бўлимлар якунида дуранг қайд этилди - 1:1. 65-дақиқада Месут Ўзил Германияни олдинга олиб чиққанди. 78-дақиқада италияликлар ҳимоячиси Леонардо Бонуччи пенальтини аниқ амалга ошириб ҳисобни тенглаштирганди.

Немислар жамоаси ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида 6:5 ҳисобида ғалаба қозонди. 

Германия энди ярим финалда Франция – Исландия жуфтлиги ғолибига қарши майдонга тушади.

Манба: Tribuna.uz