Чеченистон пойтахти Грозний марказида уюштирилган Россиядаги энг катта ифтор дастурхонига 30 мингдан ортиқ киши ташриф буюрди. Меҳмонлар учун умумий узунлиги 18 километр бўлган 2,5 минг столда дастурхон ёзилди. 

«Ифторга нафақат республикадан, балки қўшни минтақалар, жумладан, Ингушетия, Қорачой-Черкасия ва Доғистондан ҳам меҳмонлар келишди. Ошпазлар учта ошхонада Кавказ ва Осиё таомларини тайёрлашди. Махсус концерт дастури давомида диний қўшиқлар ижро этилди», — дея маълум қилган Грозний мэрияси матбуот хизмати.

Тадбир Рамазон ойининг 27-куни нишонладиган Қадр кечаси олдидан ўтказилди.

Аҳмад ҳожи Қодиров фонди томонидан уюштирилган ифторда Чеченистон раҳбари вазифасини бажарувчи Рамзан Қодиров иштирок этди.