Туркия Сурия бўйича стратегиясини ўзгартиришни, хусусан мамлакат президенти Башар Асадга қарши курашувчи гуруҳларга ёрдам беришни тўхтатишни режалаштирмоқда. Financial Times нашрида ёзилишича, эндиликда расмий Анқаранинг мақсади Сурияда курдларга босимни кучайтириш ва ИШИДга қарши курашда фаол иштирок этиш бўлади

«Бир неча йил давомида альянслар билан алоқалари узилиши, савдо ҳажми қисқаргани ва террористик ҳужумлар кўпайгани туфайли Туркия ўзини халқаро майдонда ёлғизланиб қолгандек ҳис қилмоқда. Мамлакат бир вақтнинг ўзида ичкарида ва ташқарида курдларга, шунингдек, Суриядаги ИШИДга қарши кураш олиб бориш натижасида ҳолдан тойган», — дейилади Financial Times мухбири мақоласида.

Шу вақтда Туркия Россия билан яқинлаша бошлади ва энди Суриядаги стратегиясини ўзгартиради. Ўтган ҳафтада Истанбул аэропортидаги теракт учун жавобгарликни Туркия ҳукумати ИШИД зиммасига юкламоқда. Дипломатлар ҳали ўз позицияларини баён этишмаётган бўлсада, ҳукумат нашрларида янграётган сўзлар "оҳанги ўзгарган".

АҚШ Атлантика кенгаши таҳлилчиси Аарон Стейннинг тахмин қилишича, Туркиянинг Суриядаги мақсадлари ўзгармоқда. Унинг айтишича, эндиликда туркларнинг мақсади фақат курдларга қарши кураш билан чекланмайди, ИШИДга қарши ҳарбий ҳаракатлар кўлами ҳам кенгайтирилади. Бунинг учун эса Анқарага Москанинг кўмаги керак бўлади.

Нашрнинг қайд этишича, мавжуд маълумотлар Туркиянинг Суриядаги  сиёсати ўзгаришидан шу вақтгача Анқара томонидан қўллаб-қувватлаб келинган радикал гуруҳлар ҳалокатли даражада зарар кўради.