Ҳиндистон Бангладешдаги воқеалардан кейин бу давлат билан чегаралари бўйлаб назорат-текширув пунктларида қатъий тартиб ўрнатди. Бу тартиб Бангладеш билан умумий чегара ҳисобланган 856 километрлик ҳудудда жорий этилган. Бу ҳақда Ҳиндистон чегара кучлари (Border Security Force, BSF) маълум қилди.

Чегара ҳудудларини қўриқлашга полициячилар ва махсус хизматлар вакиллари ҳам жалб этилган. 

Бангладеш бош вазирининг матбуот хизматида хабар қилинишича, мамлакат раҳбари Шайх Ҳасина Вазид Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан телефон орқали мулоқот қилган. Ҳиндлар етакчиси бу суҳбат вақтида Даккадаги 22 кишининг ўлимига сабаб бўлган теракт оқибатларини бартараф этишда ёрдамини таклиф қилган.

Эслатиб ўтамиз, 1 июлда бир гуруҳ қуролли кишилар шаҳарнинг дипломатик даҳасидаги Holey Artisan Bakery ресторанига бостириб кириб, ўт очди ва ичкаридаги одамларни гаровга олди. Операция чоғида камида 12 киши, шу жумладан, икки нафар чет эл фуқароси қутқарилди.

Ҳужум оқибатида 9 нафар италиялик, 7 нафар япониялик ва 4 нафар бангладешлик, шунингдек 2 нафар полициячи ҳалок бўлди.

Бу ҳужумдан сўнг икки кунлик мотам эълон қилинди.