Ироқ ҳукумати ҳарбийлар ва халқ лашкарлари томонидан ИШИД назорати остидаги Ал-Фаллужа шаҳри қамали вақтида шаҳардан қочиб чиққанида қўлга олинган 16 мингдан зиёд кишини озод этди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар тарқатди.

Манбанинг маълумотига кўра, Ал-Фаллужада яшаган минглаб кишилар жанглар вақтида шаҳарни ташлаб чиққан. Улар ташқаридаги аскарлар томонидан ИШИДга алоқадорликда гумон қилиниб, тутилган.

Кейинчалик уларнинг асоссиз тутиб турилгани қайд этилиб, уларни озод этишга кўрсатма берилган.

1 ҳафта олдин Ироқ бош вазири Ал-Фаллужанинг ИШИД қўлидан тўла озод этилгани ҳақида маълум қилганди.