Android операцион тизимида ишлайдиган қурилмалар ҳимояланмаганининг асосий сабаби кўпчилик смартфон ишлаб чиқарувчиларнинг хакерлар томонидан аниқланиб, улар томонидан фаол қўлланадиган "дарча"ларни тезкорлик билан ёпа олишга тайёрмаслиги ҳисобланади, деб хабар бермоқда Android Authority. 

Компьютер хавфсизлиги соҳасида тан олинган мутахассис Гэл Бениамини Google платформасидаги қолган қурилмалардан фарқли ўлароқ хавфсизлик энг юқори даражада таъминланган иккита қурилмалар русумини ажратди. Унинг таъкидлашича, ўз маълумотлари ҳақида қайғурадиган фойдаланувчилар Google Nexus ёки Samsung қурилмаларини сотиб олишлари керак. Google смартфонлари компаниядан биринчи бўлиб дастурий таъминот янгиланишини олади, шунинг учун тизимда аниқланган исталган заиф жой бу қурилмаларда биринчи навбатда тузатилади. 

Смартфонлар дунё бозорида савдолар бўйича етакчи бўлган Samsung компанияси ўз қурилмалари прошивкаларини янгилашда унча ҳам ортда қолишмайди, чунки катта ресурсларга ва экспертизага (жумладан, дастурий таъминот ишлаб чиқариш соҳасида) эга. 

Бениаминининг таъкидлашича, январь ва ҳозирда турли русумдаги смартфонларни синовдан ўтказишда қуйидагилар аниқланди: ярим йил аввал ёпилмаган "дарча"лардан энг кўпи айни вақтга келиб айнан Nexus смартфонлари ва Samsung қурилмаларининг охирги моделларида бартараф этилган.