АҚШ очиқ чемпионати ғолиби австралиялик теннисчи Саманта Стосур фаолияти давомида тўртинчи бор кетма-кет Риода ўтадиган Олимпиада ўйинларида иштирок этади. Бу ҳақда  Австралия миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Стосур Олимпиада ўйинларига илк бор 2004 йил қатнашган эди. У йўлланмани қўлга киритган илк австралиялик теннисчи аёл бўлди. 32 ёшли теннисчи яккалик ва жуфтлик чиқишлари билан, Аёллар тенниси ассоциацияси (WTA) рўйхатида 16-ўринда бормоқда. Жуфтлик баҳсларида у 22 ёшли Дарья Гаврилова (рўйхатда 56-ўрин) билан кортга чиқади. Дарья аслида Москвада туғилган бўлиб, кейинчалик Австралия спорт фуқаролигини олган.

Эслатиб ўтамиз, Олимпиада ўйинлари 2016 йилнинг 5-21 август кунлари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтади.