Шу йилнинг 23 июнида бўлиб ўтган референдумда овоз берувчиларнинг 51,9 фоизи Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи сафларидан чиқишини қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг бош вазир Дэвид Кэмерон истеъфога чиқиши борасида баёнот берди. Эндиликда партия раҳбари сайланиши керак. Қоидага кўра партия раҳбари мамлакат бош вазири лавозимини эгаллайди.

Консерватив партия раҳбарини сайлаш жараёнлари “1922 йил қўмитаси” деб номланмиш орган томонидан назорат қилинади. Бу қўмитага ҳукумат таркибига кирмаган депутатлар аъзо бўлиб кирган. Айни дамда беш нафар номзод кўрсатилган. Улардан икки нафари рўйхатда қолиши керак. Номзодларнинг тақдири аввалига 331 нафар депутат-консерватор томонидан ҳал қилинади. Сайловларнинг биринчи босқичи 5 июль куни бўлиб ўтади. Кейинги овоз бериш жараёни 7 июлга белгиланган. 12 июлда эса номзодларнинг икки нафари қолади. Шундан кейин бу икки номзоднинг тақдири депутатлар томонидан эмас, балки Консерватив партиянинг 150 минглик аъзоси ихтиёрига топширилади. Улар ўз фикрларини почта орқали ҳам билдиришлари мумкин. “1922 йил Қўмитаси” белгилаб берган режага кўра, партия янги раҳбари ва янги бош вазир номи 9 сентябрга қадар эълон қилиниши  керак.

Ҳозирча асосий номзодлардан икки нафари - мамлакат адлия вазири Майкл Гоув ва Лондон собиқ мэри Борис Жонсон пойгадан чиқишлари борасида баёнот берди. Уларнинг бу баёнотлари анча шов-шувларга сабаб бўлди. Маълумки, уларнинг ҳар иккиси Буюк Британияни Европа Иттифоқи сафларидан чиқиши борасидаги ташаббусни қўллаб-қувватлашган эди. Референдум натижалари эълон қилингач, таҳлилчилар Борис Жонсон бош вазир лавозимини эгаллаши, уни қўллаб-қувватлаган Майкл Гоув эса Ташқи ишлар ёки молия вазири этиб тайинланиши борасида башоратлар қилинган эди. Уларнинг бу қарорини деярли ҳеч ким кутмаган эди. Борис Жонсон ўз қарорини шарҳлар экан, янги раҳбар референдум туфайли пароконда бўлган партияни жипслаштириши ва бирлаштириш қобилиятларига эга бўлиши кераклигини таъкидлади. “Ҳамкасблар билан маслаҳатлашиб олганимдан сўнг, мен бундай қобилиятга эга эмасман деган қарорга келдим”, деди Борис Жонсон.

Бошқа номзодлар ҳақида гапирганда Меҳнат ва пенсия ишлари вазири Стивен Крабб, собиқ мудофаа вазири Лиам Фокс ва энергетика ва иқлим ўзгаришлари вазирининг ўринбосари Андреа Лидсом ҳам ҳукуматни бошқариш ниятида эканликларини билдиришган.

Якшанба куни Sun on Sunday газетаси ICM таҳлил маркази томонидан ўтказилган ижтимоий сўров натижаларини эълон қилди. Респондентларнинг 60 фоизи Тереза Мэйни Консерватив партия раҳбари ва бош вазир лавозимига мос келишини айтишган. Иккинчи ўринда 10 фоиз овоз олган Майкл Гоув, учинчи ўринда 6 фоиз респондент томонидан қўллаб-қувватланган Андреа Лидсом бормоқда. Стивен Крабб ва Лиам Фокснинг имкониятлари анча паст экани айтилмоқда.

Эндиликда консерваторлар партиясининг муносиб раҳбари сифатида Ички ишлар вазири Тереза Мэй кўрилмоқда. У – яхши нотиқ бўлиб, тез-тез терроризмга қарши кураш масаласида ва ноқонуний муҳожирларга нисбатан кескин фикрларни айтиб туради. Маълумки, у референдум арафасида Бош вазирни қўллаб-қувватлаб, аҳолини Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибида қолиш учун овоз беришга чақирган эди. Шу сабабли ҳам таҳлилчилар айнан Мэй сайловларда ғалаба қознишига ишонмоқда. Чунки у ҳукумат ва парламентда катта тажриба тўплагани боис бош вазирликка муносиб номзод экани очиқ айтилади. Унинг мамлакат тарихидаги биринчи аёл - бош вазир, 1979 йилдан 1990 йилгача ҳукуматни бошқарган Маргарет Тэтчер (1925-2013) билан ўхшаш жиҳатлари борлиги тан олинади. У номзод сифатида сўзлаган биринчи нутқида бир қатор муаммоларга тўхталиб ўтди. “Сайлов кампанияси тугади. Халқ Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши учун овоз берди. Биз халқ иродасини ифода қилишимиз керак” деди. У шунингдек, мамлакатнинг Европа Иттифоқи сафларидан чиқиш жараёнларини сунъий равишда тўхтатишга ва қайтадан референдум ўтказилишига қарши эканлигини билдирди. Тереза Мэйнинг айтишича, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи сафларини тарк этиш жараёнлари бир неча йиллар давом этади. Ўз сўзида Лиссабон Шартномасининг 50-моддаси йил охирига қадар қўлланилмаслигини, буюк британияликларнинг Европа Иттифоқидаги, Европа Иттифоқи мамлакатлари фуқороларининг Буюк Британиядаги мақоми яқин орада ўзгармаслигини ҳам эслатиб ўтди. Лиссабон Шартномасининг 50-моддаси Европа Иттифоқи таркибидан чиқиш борасида Буюк Британиянинг ариза беришини англатади. Кўриниб турибдики, яқин ярим йил ичида Лондон ариза бериш ниятида эмас. Ариза берилган санадан бошлаб икки йил мабойнида Буюк Британия Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши керак. Бундан аввал Европа раҳбарлари Иттифоқ сафларидан чиқиш борасидаги ариза имкон қадар тезроқ берилиши кераклигини айтишган эди.

Мэйнинг фикрича, референдум натижалари туфайли мамлакатда муддатдан илгари сайловлар ўтказилмайди ва фавқулодда бюджет қабул қилинмайди. “Менинг фикримча, 2020 йилга қадар умумий сайловлар ўтказилиши шарт эмас. Ҳукумат ишлашда давом этиши, ўз мажбуриятларини бажариши керак. Фавқулодда бюджет ҳам шарт эмас”, деди Мэй. Тереза Мэй мамлакатга келаётган муҳожирлар сонини қисқартириш тарафдори эканлигини ҳам айтиб ўтди. 

Шарҳловчиларнинг фикрича, у ва бошқа номзодлар сайловолди компанияси давомида ўз дастурларини батафсил эълон қилишади. Янги бош вазир зиммасида мураккаб вазифалар турибди. Айнан у Британиянинг Европа Иттифоқи сафларидан чиқиш жараёнларини бошлаши, яъни ариза бериши, музокаралар олиб бориши керак бўлади.

Таҳлилчилар томонидан ҳазил аралаш, АҚШда Трамп, Буюк Британияда Жонсон хокимиятга келса, Россиянинг навбатдаги президенти Чубайс бўлиши айтилган эди. Маълумки, уларнинг ҳаммасининг сочи малларанг.

Аммо “2017 йилда АҚШни (Ҳиллари Клинтон), Буюк Британияни (қиролича Елизавета Иккинчи ва Тереза Мэй), Францияни (Марин Ли Пэн), БМТни(Ирина Бокова) аёллар бошқариши эҳтмоли бор”, деган тахминлар айтилмоқда. Германия канцлери Ангела Меркел эса анчадан бери бошқарувдаги аёлларнинг байроқдори бўлиб келади.

Шарофиддин Тўлаганов