3 июль куни Исландия терма жамоаси Европа чемпионати чорак финалида турнир мезбонлари Франция терма жамоасига қарши майдонга тушди ва 2:5 ҳисобида мағлубиятга учраб, ортга қайтди. Исландия терма жамоаси ўз тарихида илк марта Европа чемпионатида иштирок этди, шунингдек илк марта турнир плей-оффида ўйнаб, илк марта Англия терма жамоасини мағлубиятга учратди.

Мамлакат пойтахти Рейкьявикда французларга қарши ўйинни кузатиб бориш учун жиддий тайёргарлик кўрилди: ўйин кунида шаҳардаги кўплаб муассасалар ёпилди, аҳоли шаҳардаги майдонларга йиғилди, барлар терма жамоа либосларини кийиб олган кишилар билан тўлди. Уларнинг кўпчилиги бу футболкаларни турнир бошланганидан кейин, терма жамоанинг муваффақиятли иштирокидан кейин пайдо бўлшан қизиқиш давомида сотиб олган.

Қуйида ўйин куни Исландия пойтахтида юзага келган муҳитни акс эттирувчи суратларни томоша қилиш мумкин. Бу кадрларда туйғуларнинг барча кўринишлари мавжуд, умидлар, қувончлар, қайғу ва кўз-ёшлар ҳам.