Қутқарувчилар Россия ФВВга қарашли бўлган ва Иркутск вилоятида ҳалокатга учраган Ил-76 самолётининг ҳалок бўлган барча – 10 нафар экипаж аъзосининг жасадларини топди. 

Бу ҳақда ФВВ Сибирь ҳудудий маркази раҳбари Сергей Диденко маълум қилган.

«Бутун тун бўйи самолёт ҳалокатга учраган жойда олиб борилган қидирув операцияси вақтида Ил-76 экипажининг яна икки нафар аъзосининг жасади топилди. Шу маънода экипажнинг барча аъзоси жасадлари топилди», — деб маълум қилди у.

Аввалроқ ҳалокатга учраган самолётнинг саккиз нафар аъзоси жасади топилгани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг, Россия Давлатлараро авиация қўмитаси Ил-76 нинг барча экипаж аъзолари ҳалок бўлганини эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз: Россия ФВВга қарашли бўлган Ил-76 самолёти ўрмон ёнғинларини ўчириш ишларига жалб этилган эди. Аммо 1 июль куни у билан алоқа йўқолиб қолди. Қутқарувчилар гуруҳи 3 июль куни Иркутск вилоятининг Качуг туманида самолёт бўлакларини аниқлашган эди.

 

© Фото: МЧС