Грузиянинг Тбилиси шаҳрида йигирма ёшгача бўлган атлетлар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари битта олтин, учтадан кумуш ва бронза медаль билан тақдирланди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Дунёнинг 47 давлатидан 250 дан зиёд спортчи иштирок этган чемпионатда ўзбекистонлик иқтидорли полвон Фарҳод Собиров вазни 94 килограммгача бўлган атлетлар баҳсида иккикураш якуни бўйича 373 килограмм натижа қайд этиб, биринчи ўринни эгаллади. У штангани даст кўтаришда 170 килограмм, силтаб кўтаришда эса 203 килограмм натижа билан иккита кумуш медалга ҳам эга бўлди. 

Вазни 77 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги беллашувларда қатнашган Шаҳзод Худойберганов штангани силтаб кўтаришда 184 килограмм натижа билан кумуш медални қўлга киритди. 

Вазни 58 килограммгача бўлган қизлар баҳсида Муаттар Набиева штангани даст кўтаришда 95 килограмм, силтаб кўтаришда 112 килограмм, иккикураш якунига кўра, 207 килограмм маррани забт этиб, учта бронза медални қўлга киритди.