Россия президентининг матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Песков Россия ва Туркия ўртасида терактлар олди олиниши мақсадида маълумотлар алмашиш каналларини "тирилтириш ва қайта йўлга қўйиш" зарурати ҳақида гапирди.

Песковнинг сўзларига кўра, кейинги вақтларда Туркия билан маълумотлар алмашиш каналлари ишламай қолганди. Эндиликда эса уларни "тирилтириш" ва қайта йўлга қўйиш зарур.

"Гап шундаки, терроризмга алоқадорлиги гумон қилинган шахслар бир неча марта Туркияга кирган, Европанинг бир неча мамлакатларида бўлган. Каналлар фаолиятини йўлга қўйиш орқали бундай шахслар ҳақидаги маълумотларни Туркияга юбориб туришимиз мумкин бўлади", дея Песковнинг сўзларини келтиради РИА Новости.

Бундан олдинроқ Россия туроператорлари ассоциацияси Туркиядаги вазият бир қатор саволларни олдинга қўйиши ҳақида маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 29 июнга ўтар кечаси Истанбул шаҳридаги Отатурк аэропортида портлашлар амалга оширилди. Натижада 44 киши ҳалок бўлди, шундан 19 нафари хорижлик. Шунингдек, 239 киши жароҳатланган.

ОАВ маълумотига кўра, Туркия ҳукумати АҚШдан бу теракт ташкилотчиси Аҳмад Чатаевни қидиришда ёрдам сўраган.

АҚШда бу теракт ташкилотчилигида гумон қилинган чечен Аҳмад Чатаев ИШИДнинг "Уруш вазири" экани айтилди.