Шоҳрух Раҳматуллаев (исм фамилиялар ўзгартирилган) ўтган йилнинг январь ойида қўл кўтарган навбатдаги йўловчини машинасига олди-да, рулни айтилган манзил томон бурди. Йўл-йўлакай танишиб олишди. Аёлнинг исми Дурдона бўлиб, сўзамолгина экан, йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетишди. Манзилга келгач, Ш.Раҳматуллаев “Агар машина керак бўлиб қолса...”, дея унга телефон рақамини берди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда. 

Дарҳақиқат, эртасига Дурдона қўнғироқ қилиб, “Паркент” бозорига олиб бориб келишини сўради. Шоҳрух келиб, Дурдона билан дугонасини миндириб, айтилган жойга олиб бориб қўйди. Дурдона бироз кутиб туришини сўраб, шериги билан супермаркетга кириб кетди. Орадан анча вақт ўтди, аммо дарак бўлмади. Кутавериб чарчаган Шоҳрух уларга қўл силтаб, ўз ишлари билан кетди. Икки кундан кейин эса бегона эркак телефон қилди ва ўзини ИИБ ходими Сарвар Ахроров деб таништирди-да, Дурдонанинг акаси эканлиги, икки кун олдин унинг машинасида синглисига тегишли пул, ноутбук ва паспорти қолиб кетганлигини айтди. Шоҳрух аввалига қўрқиб кетди. Ҳатто кеча ҳам машинасининг салонини қўшиб ювган бўлса-да, яна бир карра салонни қараб чиқди, ҳеч нарса йўқ. Ўзини Сарвар деб таништирган кимса агар айтилган нарсаларни тезда қайтариб бермаса, синглиси ИИБга ариза билан мурожаат этишини ва уни қаматиб юборишини айтиб, дўқ урарди.

Хуллас, орадан кўп вақт ўтмай улар учрашишди ва Шоҳрух Сарварга бўлиб-бўлиб 150 минг сўмдан, жами 300 минг сўм пул берди. У бўлса эртасига қўнғироқ қилди-да, синглиси ноутбук учун яна 200 АҚШ доллари сўраётганини, йўқса ариза ёзиб қаматишдан ҳам тоймаслигини айтиб, бу пулларни ҳам олиб кетди. Эртаси куни телефон қилган Сарвар ноутбукнинг нархи қиммат эканлигини баҳона қилиб, ундан 50 АҚШ доллари ҳисобидан яна 100 минг сўмни ундирди. Ш. Раҳматуллаев эса “Бўлди, улардан қутулдим”, деб хомтама бўлган экан. Дурдона ундан пул талаб қилишни қўймади. Шоҳрух пулни Сарварга берганини айтса ҳам, бировдан бир тийин ҳам олмаганини таъкидлаб, энди 500 АҚШ доллари сўрай бошлади.

Емаган сомса учун пул тўлайвериш” жонига теккан Шоҳрух Раҳматуллаев бекорга улардан чўчиб юрганини, пулларни ҳам бериб юборгани учун ўзини койиб, тегишли органларга хабар берди. Дурдона Рустамова ундан 500 АҚШ долларини товламачилик йўли билан олган вақтда ашёвий далил билан қўлга олинди. 

Кўп ўтмай бу ишда бош-қош бўлган Сарвар Раҳматуллаевнинг ҳам изига тушилди. Маълум бўлишича, у ҳеч қандай ИИБ ходими эмас, аксинча, 1987 йилда туғилган бўлса-да, асосан, фирибгарлик жиноятлари учун 6 марта судланишга улгурган товламачи кимса бўлиб чиқди. 

Терговолди суриштирув пайтида унинг бошқа кирдикорлари ҳам фош бўлди. Масалан, Сарвар Раҳматуллаев 2014 йил август ойининг охирида маҳалладошлари ака-ука Равшан ва Рустам Ҳожибековлар билан тил бириктириб, фуқаро Жамшид Маҳмудовга тегишли пластик карточкадаги 148 млн.500 минг сўм маблағни уч соат ичида нақдлаштириб беришини ваъда қилади. Учовлон ишончли бўлиши учун Ж.Маҳмудовни паспортини ҳам олишади-ю, аммо ваъдани бажармай, пластик карточкадаги пулларни шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборишади.

Ноябрь ойида эса С.Раҳматуллаев фуқаро К.Қаршиевга автосалондан “Нексия-2” автомашинасини навбатсиз, 10 кунга олиб беришни ваъда қилади ва ундан 1500 АҚШ долларини олади-ю, қорасини ўчиради. У бу пулларни ҳам ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан мазкур иш кўриб чиқилди ва айбдорларнинг ҳар бирига қонун доирасида тегишли жазо тайинланди. Шунингдек, С.Раҳматуллаевга энг кам ойлик иш ҳақининг 150 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланиб, жарима давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.