Япониянинг Mitsubishi Motors компанияси 4та ихчам автомобиль моделларини ишлаб чиқаришни қайта бошлади. Улар, ёқилғи сарфига оид техник маълумотлар сохталаштирилгани учун ишлаб чиқарилмаётган эди, дейилади компания баёнотида. 

Унга кўра, Окаяма префектурасидаги заводда эҳтимолий носозликларни аниқлаш мақсадида "конвейер синов тартибида ишга туширилади" ва "бешта машина" йиғилади. Йиғув линияси 20 июлдан тўлиқ ишга тушади. 

Компания июль-август ойларида 5 мингга яқин eK-Wagon, eK-Space ҳамда Nissan Dayz, Nissan Dayz Roox кичик ҳажмли машиналарини ишлаб чиқаришни режалаштирган. Сентябрдан ишлаб чиқариш ҳажми 9 минг донагача етказилади. 

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Mitsubishi Motors юқоридаги автомобилларининг ёнилғи сарфига оид маълумотларни ўзгартириб, машина техник китобларига сохта рақамларни киритгани фош этилганди. Умуман, корпорация ҳисобларига кўра, Япония автобозорида жами 625 минг дона шундай машина сотилган. 

Ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатган Mitsubishi Motors, тўрттала модель эгаларига 100 минг иен (970 доллар)дан товон тўлашини маълум қилганди. Жами тўловлар 62,5 млрд иен (607 млн долларга яқин)ни ташкил этади. 

 

фото:Google image