Непал ҳукумати ўзини Эверестни забт этган биринчи ҳинд жуфтлиги деб атаган оилавий жуфтликка нисбатан тергов ишларини бошлаб юборди. Зеро бу альпинистлар товламачиликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақида Assoсiated Press мамлакат сайёҳлик вазирлигига асосланиб маълум қилди. 

Динеш ва Таракешвари Ратход июнь ойининг бошларида май ойида Эверестни забт этиб, бунга муваффақ бўлган биринчи ҳинд жуфтлиги эканлиги ҳақида маълум қилишган. Бу маълумот Непал сайёҳлик вазирлигининг сертификати билан тасдиқланган. Мазкур янгилик Ҳиндистон оммавий ахборот воситаларида кенг оммалашди, жуфтлик Пуна шаҳрида қаҳрамонларча кутиб олинди. Бироқ бир ойга етмай, Пуна шаҳри полицияси маҳаллий альпинистлардан шикоят хати олди. Унга кўра, жуфтлик ҳеч қачон дунёдаги энг юқори чўққига кўтарилмаган. Ҳиндистон полицияси бу ишни тергов назоратига олди. 

Жуфтликнинг Эверестни забт этган чоғдаги сурати уларнинг фойдасига иш беради, лекин суратлар икки жиҳатдан шубҳа уйғотмоқда: Динешнинг Ҳиндистон байроғини кўтариб турган суратида монтаж белгилари кўзга ташланмоқда, бундан ташқари шикоят эгалари жуфтлик асос қилиб олган суратнинг асл нусхасини топиб, унда умуман бошқа киши байроқни кўтариб турганлигига ишора қилишди. Иккинчи номувофиқлик - жуфтлик чўққини забт этиш давомида турли кийимларда бўлган. Альпинистларнинг таъкидлашича, чўққига кўтарилиш давомида кийимни алмаштиришнинг иложи йўқ.

Агентликнинг хабар қилишича, жуфтликка қўйилган айблов тасдиқланса, улар Непал сайёҳлик вазирлигининг сертификатидан маҳрум қилинади. Бундан ташқари, уларга мамлакат ҳудудидаги тоғ чўққиларини забт этиш ман қилинади. 

 

Фото:© AP