Тошкент шаҳридаги чорраҳаларда ўрнатилган назорат камералари ишга туширилишга тайёр. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфслизлиги бошқармаси бўлим бошлиғи подполковник Саидалиев Зоир Аҳмадович Тошкент шаҳар ҳокимиятида ўтказилган брифингда маълум қилди.

“Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси чорраҳалардаги видеокузатувни ишга туширишга тайёр. Буйруқ берилган куни ҳаммаси иш бошлайди. Лекин камералар шунчаки турибди, деб ўйлаш керак эмас. Улар ўз ишини бажармоқда. “Автопатрул”, “Пойтахт йўллари" кўрсатувларида ўша камераларда олинган тасвирлардан фойдаланилмоқда. Яна такрорлайман, буйруқ берилган куни ҳаммаси расман ишга тушади.

Шу ўринда жарималар ҳақида. Камера автомобилнинг давлат рақамини суратга олади. Шу сабаб жарима автомобилнинг ҳуқуқий эгасига солинади. 60 кун ичида белгиланган жарима тўланмаса, автомашина жарима майдончасига олиб кетилади",- дейди подполковник.