КХДР ядровий дастуридан воз кечмас экан, унинг халқаро босимга қарши чиқиб, барқарорликни сақлаб қолишга уриниш ҳаракатлари зое кетади. Корея Республикаси президенти Пак Кин Хе вазирлар маҳкамаси аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда ана шундай фикр билдирди. 

"Пхеньян ўз фуқаролари турмуш тарзини яхшилаш ўрнига дунё аҳлига ядровий қурол билан таҳдид солар экан, унинг режимни барқарорлаштириш ҳаракатлари ҳеч қандай натижа кўрсатмайди, - дея таъкидлади Жанубий Корея етакчиси. - Бу халқаро ҳамжамият томонидан санкцияларнинг кучайтирилишга олиб келади, холос". 

Шунингдек Пак Кин Хе вазирлар маҳкамаси аъзоларини огоҳликка чақирди. "Шимолий Корея бизнинг жамиятимиз ҳамда халқаро майдонда можаро келтириб чиқариш усулларини изламоқда, - деди у. - Бундай вазиятда биз янада жипслашиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим".

БМТ Хавфсизлик Кенгаши (ХК) 2 март куни Пхеньяннинг ядровий синовига жавобан КХДРга нисбатан санкцияларни кучайтиришга доир 2270- резолюциясини қабул қилган. Унга кўра, мамлакатдан кўмир, темир рудаси, титан, ванадий, олтин ва бошқа қимматбаҳо металлар импорти, шунингдек у ерга авиация ва ракета ёқилғисини етказиб бериш эмбаргоси тақиқланади. Бундан ташқари Корея Республикаси ва бошқа бир қатор мамлакатлар Шимолга нисбатан бир томонлама чекловлар белгилашган. 

 

Фото:© AP Photo/Ahn Young-joon