Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.
Эртага ҳайит! Ҳайитнинг маъноси нима? Ҳайит қандай бўлади?
Ҳайит буюк неъмат берувчи зотга шукр қилинадиган, чексиз фазлини эътироф қилиб, неъматларни изҳор қилинадиган кундир.
Ҳайит куни қуйидаги ишлар ҳақида muslim.uz сайти ёзмоқда.

-        ғусл қилиш;
-        мисвoк ишлатиш;
-        хушбўйлик суриш;
-        чиройли янги кийим кийиш (янгиси бўлмаса, ювилганини кийиш);
-        масжидга чиқишдан олдин фитр садақасини бериш;
-        масжидга чиқишдан олдин бирор нарса тановул қилиш;
-        масжидга бир йўлдан бориб, уйга бошқа йўлдан қайтиш;
-        масжидга кетишда жаҳрий такбир айтмаслик (яъни Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) қурбон ҳайитига кетишда, кўчада жаҳрий (овоз чиқариб) такбир айтилганидек, рўза ҳайитида айтилмайди, деб таъкидлайдилар);
-        ҳайит намозидан олдин масжидда нафл намоз ўқимаслик;
-        номоздан кейин ота-она, қариндош-уруғлар ва яқинларни зиёрат қилиш;
-        етимлар, мискинлар, фақирлар ҳамда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш ва меҳр кўрсатиш;

Ҳайит намози қуйидагича ўқилади
Имом домла ифтитоҳ (намозни очувчи) такбири – “Аллоҳу акбар”ни айтса, муқтадий (имомга эргашувчи намозхон): “Қиблага юзланган ҳолимда, ҳайит намозини холис Аллоҳ учун, ўқишни ният қилдим”, деб “Аллоҳу акбар” такбирни айтиб намозга қўшилади ва санони ўқийди. Сўнгра имом домла уч бор такбир айтади. Муқтадий ҳам қўлини қулоғи баробарига кўтариб такбир айтади. Такбирлар орасида қўлни боғламасдан, ёнга туширилади. Кейин имом домла Фотиҳа сурасини ҳамда бир қўшимча сурани жаҳрий ўқийди ва руку учун такбир айтади. Муқтадий қироат вақтида жим туриб эшитади, қироатни ичида ҳам такрор қилмайди. Имом домла иккинчи ракатга туриб, Фoтиҳа ва бир сурани ўқийди ва уч марта такбир айтиб тўртинчисида рукуга боради. Муқтадий уч такбирда қўлини қулоғи баробарига кўтариб такбир айтади. Tакбир ораларида қўллар ёнга туширилади. Шу билан қаъдага ўтирилиб ташаҳҳуд ҳамда салавот ва дуолар ўқилиб, намозни тугатилади.
Инсонлар ҳайит намозини ўқиб уйга қайтарканлар, улар икки қисмга бўлинадилар. Рамазон ойини Аллоҳ таолога итоат қилиб, ибодат ва солиҳ амаллар билан ўтказганлар, ажру савобга эга бўлиб, шоду ҳуррам бўлиб қайтадилар. Аллоҳ таоло уларга “Сизларни гуноҳларингиз кечирилди, розилигимни сўрадиларингиз Mен рози бўлдим”, дейди, гўё. Рамазон ойини нафс хоҳиши йўлида ўтказганлар ўзига хос қўрқув, афсус-надомат ва пушаймонлик ила қайтадилар.
Аллоҳ таоло бизларга ҳайит намозидан шоду ҳуррам қайтишни насиб қилсин. Эй Аллоҳ, Сен барча нарсаларни билувчи, эшитувчи ва кўрувчи Зотсан, бизларни Рамазонда қилган ожизона ибодатлармизни қабул эт. Бизларни аввал тавба қилувчилардан қилиб, сўнгра тавбаларимизни қабул қилгин.

Баҳриддин ПАРПИЕВ