Америкаликлар 4 июль куни Қўшма штатларнинг навбатдаги Мустақиллик байрамини юқори даражали хавфсизлик чоралари кўрилган шароитларда ўтказишди. Бу йил мамлакат Британия ҳукмронлигидан озод бўлганлигининг 240 йиллигини нишонлади. 

АҚШдаги энг оммавий тантаналар Нью-Йоркдаги East river дарёси бўйида ўтказилди. Кучли шамол эсиб, ёмғир ёғишига қарамай, миллиондан ортиқ киши ранг-баранг мушаклар шоусини ўз кўзи билан кўриш, ВВС оркестри ва Женнифер Ҳолидей концертидан завқ олиш ҳамда рақс дасталарининг ижро маҳоратини томоша қилиш учун кечқурун шу масканга тўпланди.

Байрам тантаналари ёқимсиз ҳодисаларсиз, хотиржам ўтиши учун Нью-Йорк полицияси раҳбарияти шаҳарга қўшимча кучларни йўналтирди, шу жумладан East river дарёси бўйида хавфсизликни таъминлаш учун 5 минг полициячи, бутун шаҳар бўйлаб ишловчи 500 нафар патруль, кинолог-мутахассислар портловчи моддаларни сеза оладиган итлари билан йўналтирилди. Бундан ташқари, шаҳарда қўшимча кузатув камералари ва радиация детекторлари ўрнатилди.  

Байрам олдидан Нью-Йорк мэри Билл де Блазио 4 июлда кишиларнинг хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш мақсадида жуда кўп полициячиларнинг иштироки ташкил этилишини маълум қилган эди. У террор хавфи тўғрисида ҳеч қандай маълумот бўлмаса-да, бундай чоралар фуқаролар хавфсизлигини ҳимоя қилишга қаратилишини билдирган. 

Вашингтондаги Капитолийнинг Ғарбий майдонида Миллий парк хизмати ва Миллий симфоник оркестри томонидан ташкил этилган байрам концерти бўлиб ўтди. Концерт анъанага кўра, П.И.Чайковскийнинг "1812 йил" асари ижроси билан якунланди. 


 

Фото:© AP Photo/Kathy Willens