Ўзбекистонда спиртли ичимликларнинг белгилари борасида янги талаблар қабул қилинди. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш агентлиги бош директори, республика ҳудудидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган алкоголли ичимликларга белги қўйиш тартибига ўзгартиришлар киритишга буйруқ берган. 

Буйруқ 2016 йил 4 октябридан кучга киради. Янги талабларга мувофиқ, алкоголли ичимликларнинг белгилари юқори сифатли қоғоздан, рўйхатдан ўтган полиграфия корхоналарида ишлаб чиқарилган бўлиши лозим. 

Бундан ташқари, уларда, белгиларни қалбакилаштиришга қарши усуллар қўлланилишига йўл қўйилади. Шу билан бирга, белгиларни хориждан олиб киришга ҳам рухсат бералиди. 

Шунингдек, буйруққа кўра, шишаларда спиртли ичимликлар зараридан огоҳлантирувчи сўзлар пайдо бўлади. 

Ҳужжатда қайд этилишича, «Алкоголли ичимликни кўп истеъмол қилиш асаб тизими ва ички органларнинг оғир касалликларига олиб келиши мумкин» мазмунидаги тиббий огоҳлантирувчи ёзув, қоғозли белгининг 40 фоизидан кам бўлмаган ҳудудини эгаллаши керак.