Японияда сўнгги ҳафта ичида иссиқ уриши натижасида 6 киши ҳалок бўлди, камида 2847 киши шифохонага ётқизилди. Бу ҳақида мамлакатда ФВВ ва тез ёрдам вазифасини ҳам бажарувчи Ёнғин бош бошқармаси хабарига асосланиб, ТАСС маълум қилди. 

Бошқарма хабарига кўра, иссиқдан жабр кўрганлар сони июнь ойи ўрталарига нисбатан уч баробар ошди. Апрель ойининг охиридан буён Японияда иссиқ уриши натижасида шифохонага ётқизилганлар сони тахминан 9 минг кишини ташкил этди. 

Ўтган дам олиш кунлари Япониянинг барча ҳудудларида жуда иссиқ ҳаво кузатилди. Мамлакат марказида ҳарорат Цельсий бўйича 38 градусдан ортиқни ташкил этди. Маҳаллий тиббиёт ходимлари одамларни қуёш остида кўп юрмасликка, бош кийимларини кийишга ва имкон қадар кўп суюқлик ичишга чақиришмоқда.

Япония метеорология бошқармаси бу йил Тинч океанидаги Эль-Ниньо ва Ла-Нинья иқлим феноменлари таъсири туфайли ёзда аномал иссиқ ҳарорат кузатилишини прогноз қилмоқда. Июль ойи охири ва август ойи бошларида жазирама ҳароратнинг авжига чиқиши кутилмоқда. 

Ўтган йили Японияда иссиқ уриши натижасида 100 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган.