CLICK мобиль тўловлар тизими Ўзбекистон банклари томонидан муомалага чиқарилган бир пластик онлайн карта ҳисобидан иккинчисига пул маблағларини ўтказиш хизматини ишга туширди.

Айни вақтда "Алоқабанк" ва "Агробанк" акционер-тижорат банкларнинг мижозлари бундай имкониятдан фойдалана олишлари мумкин.

Компания бундан буёғига ҳамкор-банклар рўйхатини кенгайтириш ниятида.

Ўтказмалар *880*карта_рақами*сумма# ёки *880*3*телефон_рақами*сумма# USSD-сўровлари орқали амалга оширилади. Таъкидлаб ўтиш жоиз, телефон рақами оператор коди билан бирга кўрсатилиши (масалан, 90ХХХХХХХ) лозим.

Яқин вақт ичида ушбу имконият иловаларда ҳам пайдо бўлади.

Пластик картадан пул ўтказмаси амалга оширилган пайтда жўнатган фойдаланувчидан 2% миқдорида хизмат ҳақи ушлаб қолинади.

“Юқорида кўрсатилган пластик карталар ўртасидаги ўтказмаларга талаб жуда катта. Ва, шунинг учун, фойдаланувчиларимизга бугунги кундан бошлаб шундай имконият жорий қилинганини мамнуният билан хабар қилмоқдамиз”, - деб таъкидлади CLICK компаниясининг Бош директори Улуғбек Рустамов.

Ушбу хизмат CLICK компаниясида қабул қилинган фойдаланувчилар учун пластик карталари ва ҳисобларни, шу билан бирга, ҳар кунлик тўловларни бошқаришда турли қўшимча имкониятларни яратишга қаратилган ривожланиш стратегияси доирасида ишга туширилди.