Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда. 

Унда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, элчихоналар ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари иштирок этди. 

Академияга олий маълумотли, давлат ва жамият бошқаруви тизимида икки йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга номзодлар танлов асосида қабул қилинмоқда. 

– Ўқув даргоҳимиз АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Жанубий Корея, Сингапур каби қатор давлатларнинг илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, шунингдек, БМТ, ОТБ, ЕХҲТ каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатган, – дейди академия ўқитувчиси Моҳира Эшонова. – Ўқитувчилар, ходимлар ва тингловчиларнинг ҳам назарий билимини, ҳам амалий кўникмасини такомиллаштириш мақсадида улар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига, олий таълим ва илмий муассасаларга, жумладан, хорижий мамлакатларнинг илмий муассасаларига амалиёт ўташга юборилади.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.Азимов сўзга чиқди.