Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Истанбулнинг Отатурк халқаро аэропортида содир этилган мудҳиш жиноятларга қайси мамлакатлар фуқаролари алоқадорлигига ойдинлик киритди. 

"Мазкур воқеалар сабабли қўлга олинганлар сони 30га етди. Ушбу одамлар воситасида биз ўзимизга керакли ва муҳим хулосаларни чиқариб оламиз.… Ҳозирда, Доғистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари бу ишга алоқадорлиги маълум. Афсуски, улар бизга яқин ва қўшни мамлакатлар фуқароларидир", — деб баёнот берган Эрдўған журналистлар билан учрашувида. 

Эслатиб ўтамиз, дастлаб, мазкур жиноятларни чечен, қирғиз ва ўзбек жангарилари содир этганлиги тўғрисида турли хабарлар берилган эди. Эндиликда, жиноятчиликда гумон қилинаётганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлиги маълум бўлди.
 
Турк етакчиси шунингдек, теракт ИШИД террорчилик гуруҳи томонидан ташкил этилганини ҳам таъкидлаган. 

28 июнь кечқурун Отатурк аэропортида содир этилган портлашларда 44 киши ҳаётдан кўз юмган, 239 киши жароҳатланган эди. 

Туркия ҳукумати, қўпорувчиликларни ташкил этишда чеченистонлик Аҳмад Чатаевни гумон қилмоқда. Доку Умаровнинг "Имарат Кавказ" ташкилоти билан ҳамкорлик қилган Чатаев, Умаровнинг вафотидан сўнг, ИШИД сафига қўшилган эди.