Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф куни кеча Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида, пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) масжиди ёнида содир этилган терактга ўз муносабатини билдирди. "Террорчилар ўтмаган бошқа ҳеч бир тўсиқ қолмади. Суннийлар ҳам, шиалар ҳам уларнинг қурбонига айланди", - деб ёзади у Twitter ижтимоий тармоғида.

Эрон дипломатияси раҳбари жаҳондаги барча мусулмонларни террорчилар билан курашиш учун бирлашишга чақирган.

Эрон ТИВнинг расмий вакили Баҳром Гасемий ҳам Саудияда бўлган терактларга нисбатан ўз фикрини билдирган. "Терроризм чегара билмайди. Унга қарши курашишда халқаро ва минтақалараро даражада бирлашишдан бошқа чора йўқ", - деган дипломат.
Айни дамда Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги дипломатик муносабатлар бузилган. Бунга сабаб Саудия томонининг мамлакатдаги шиаларнинг машҳур дин пешвоси Нимр ан Нимрни ўлдиргани туфайли, эронликлар Теҳрон ва Машҳаддаги Саудия Арабистонининг дипломатик биноларини вайрон этишгани сабаб бўлган.