Хитойнинг Yingmob хакерлик гуруҳи зарарли дастур ёрдамида Android операцион тизимида ишловчи 10 млн қурилмага кира олди. Бу ҳақда мобиль хавфларни ўрганувчи Check Point компанияси маълум қилди.  

Yingmob фирибгарлик дастурларини ўрнатиб, фойдаланувчига кўрсатилувчи рекламадан ноқонуний даромад олувчи HummingBad зарарли дастурини тарқатмоқда. Дастур хакерларга 10 млн қурилмага рекламани кўрсатишга ва ҳар ой 300 минг долларга яқин пул топишга имкон беради.

Россия Yingmob гуруҳи энг кўп эътибор қаратган 20 та давлатдан бири ҳисобланиб, россиялик фойдаланувчиларнинг 207 940 та қурилмаси HummingBad билан зарарланган. Гуруҳ ҳаракатидан энг кўп хитойлик фойдаланувчилар жабр кўрган (1 606 384 фойдаланувчи), 2-ўринда Ҳиндистон (1 352 772), 3-ўринда Филиппин (520 901) турибди. 
Хакерлар катта миқдорда зарарланган қурилмалар эвазига нафақат доимий даромад оладилар, балки бу қурилмалардан ботнет яратиб, компания ва давлат ташкилотларига ҳужум уюштиришлари мумкин. Check Point маълумотларига кўра, HummingBad билан зарарланган қурилмадаги исталган маълумот хавф остида бўлиши мумкин.