Alitalia авиакомпаниясининг учувчи ва борткузатувчилари 4 соатлик иш ташлаш ўтказаётгани боис, 140дан ортиқ турли йўналишлардаги парвозни бекор қилди, деб ёзмоқда Corriere della Sera.

4та касаба  уюшмаси эълон қилган парвоз таркибининг норозилиги Тошкент вақти билан 14:00да бошланиб, 18:00да якунланади. Улар, амалдаги қонунчилик ва меҳнат шартномасида белгиланган иш вақти тартибига риоя этилмаётганини, иш ташлашга важ қилишмоқда. 

Alitalia компанияси раҳбари Крамер Болл йўловчилардан, уларга етказилган ноқулайликлар учун узр сўраган мурожаатини эълон қилган. Унда қайд этилишича, компания учувчиларни айрим имтиёзлардан маҳрум этгач, касаба уюшмалари иш ташлашга қарор қилган. Alitaliaдан ташқари, Meridiana авиакомпанияси ҳам 4 соатлик иш ташлаш ўтказмоқда. 

Умуман, Италидаги ёз мавсуми, одатда соҳа касаба уюшмаларининг фаол норозилик намойишлари билан ажралиб туради.