3 июль кунига ўтар кечаси Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида навбатдаги мудҳиш теракт амалга оширилди. Ҳа, навбатдаги... Сўнгги маълумотларга кўра, ана шу терактда ҳалок бўлганлар сони 200 нафарга етди. Жароҳатланганлар ҳам 200 кишидан ошган. Бир тасаввур қилинг-а, 400 нафардан зиёд кишининг ўлими ва азобланишига сабаб бўлишди.

Ироқдаги бу каби воқеаларга биз каби дунё аҳли ҳам ўрганиб қолган шекилли, мамлакатда юз бераётган хунрезликларда 100 нафар одам қурбон бўладими, 500 нафарми фарқи йўқ, ҳа, у Ироқда бомба портлайверади, ҳа у Бағдодда одамлар ўлиб кетаверади, деган хаёл келади. Аммо ўша ерда ҳам инсон яшаши, унинг ҳам бу дунёдан яхшилик олишга, рўшнолик кўришга, бола ўстиришга, келин туширишга, уй қуришга, умуман, ҳаётини инсонга хос кўринишда яшаб ўтишга америкалик, европалик ва бошқа ...ликлар сингари юз фоиз ҳақи бор.

У ироқлик бўлгани учун мудҳиш ўлимга маҳкум эмас... У бағдодлик бўлгани учун итдек ўлиб кетаверишга ҳам маҳкум эмас... Инсон қаерда бўлмасин яшашга ҳақли!

Бир аччиқ ҳақиқатни сўзим бошидан бери айтаман дейману, аммо яна нималанидир ўйлаб, шунча гап гапириб ташладим. Аммо айтмасам бўлмас...

2015 йилнинг 13 ноябрида Франция бўлган терактда ҳам анча одам ҳалок бўлди, улар сони 150 дан ошди.

Аммо шундан кейин бутун интернет оламида, ижтимоий тармоқларда Франция мотамига бағишлаб турли акциялар, турли Pray for Paris сингари тадбирлар ташкиллаштирилди.

Шахсан гувоҳи бўлганим, “Фейсбук” ижтимоий тармоғида истаган фойдаланувчи ўз сурати фонида Франция байроғини қўйиш имкониятига эга бўлди.

2016 йилнинг 22 мартида Бельгияда серияли терактлар бўлди. Унда 31 киши ҳалок бўлди, 340 киши турли даражада тан жароҳат олди.

Шундан сўнг, Бельгиянинг ўзида “Қўрқувга қарши марш” бўлиб ўтди. Ташкиллаштирилган мотам тадбирида деярли бутун Европа аҳли қатнашди.

Умуман олганда, Европадаги ёки АҚШдаги терактлар садоси ҳам худди шундай кўринишда бўлди. Айтмоқчи бўлганим, дунё аҳли нега одам ажратмоқда. Терактларда бир киши ҳалок бўладими ёхуд 100 кишими, нега барча халқ қайғусига тенг шериклик қилинмаяпти. Европалик ёки АҚШлик оқсуяк бўлгани, унинг терактда ўлиши мумкин эмаслиги, мабодо шундай иш бўлиб қолса, бутун дунё акс садо бериши керакми? Энг қизиғи, обрўси баланд давлатларда теракт бўлса, дунё ОАВ ҳар бир дақиқа, ҳар бир сантиметргача ёритиб боради. Аммо Афғонистон, Покистон, Сурия, Ироқ сингари давлатлардаши даҳшатли терактлар “фалонча одам ўлди, фалон киши яраланди”, дея ниҳоясига етказилади.

Нега Туркияда ҳар уч кун орасида ўнлаб одам ҳалок бўлса, дунё жим туради? Нега Ироқ ёки Сурияда юзлаб одамлар бурда-бурда бўлиб кетса, дунё аҳли мудрайди? Афғонистон, Покистон, Миср, Тунисдаги терактларда қурбон бўлган юзлаб бегуноҳларни нега ҳеч ким эсламайди. 

Бир тин олиб, ёзганларимни мушоҳада қиламан. Одам ажратмаяпманми, дин ажратмаяпманми, деган саволларга жавоб топишга уринаман. Табиатга боққан кимдир ундаги ахлатни кўрса, яна кимдир гўзалликни кўради, худди шу каби, ёзганларим ҳам ҳаммага бирдек ёқмаслиги аниқ.

Аммо ким нима деса десин, ким қандай фикр билдирса, билдирсин, бироқ бир қароримни ҳеч ким ҳеч қачон ўзгартира олмагай. Инсон қаерда яшашидан қатъи назар у инсондек яшашга ҳақлидир!

Сарвар Анвар ўғли