Россия терма жамоаси футболчилари Александр Кокорин ва Павел Мамаев Европа чемпионатидаги «ажойиб» иштирокни Франциянинг Монте-Карло шаҳрида ювишди. Курорт шаҳарда ҳордиқ чиқараётган футболчилар шаҳардаги энг қиммат Twiga тунги клубига дам олгани кириб, нақд 250 минг евронинг тагига сув қуйишди.

Улар бир шишаси 500 евро турадиган «Арман де Бриньяк» шампан виносини буюртма қилишган. Ўтириш тугагунга қадар кайфи ошиб қолган россиялик футболчилар клубдаги барчани сийлашган. Уларнинг ҳисобидан 500 шиша шампан сотилган ва оқибатда футболчилар 250 минг еврони фақат шампаннинг ўзи учун тўлашган.

Тармоқда тарқатилган шу ҳолатга оид видеода кўнгилхушлик вақтида Россия мадҳияси янграб турганини кўриш мумкин.

Рус нашрларининг хабар беришича, Twiga клубидаги бир столда шунчаки овқатланиш ҳам 1000 евродан кам тушмайди.