Ироқ ҳукумати 200 нафардан зиёд кишининг ўлимига сабаб бўлган Бағдоддаги портлашдан сўнг, беш нафар маҳбусни қатл этди. Бу ҳақда Ироқ адлия вазирлиги маълумотига асосланиб, “Франс Пресс” агентлиги маълум қилмоқда.

Аввалроқ Ироқ бош вазири Ҳайдар ал Абадий мамлакатда террорчиликда гумон қилиниб, ҳибсга олинганларнинг барчасини зудлик билан қатл этиш тўғрисида фармон берган эди.

Эслатиб ўтамиз, 3 июль кунига ўтар кечаси Ироқ пойтахтининг Каррада тумани аҳолиси шу ҳафта нишонланадиган Рамазон ҳайитига тайёргарлик кўриш мақсадида бозорлик қилишга чиққанди. Бу кишиларнинг кўпчилиги террорчилар ҳужуми қурбонига айланишди.

ИШИД худкуш-террорчи ҳаракати учун жавобгарликни ўз зиммасига олди ва буни "хавфсизликни таъминлаш бўйича амалга оширилган операция" дея изоҳлади.