Истанбул прокуратураси аэропортдаги терактга алоқадорликда гумон қилиб яна 17 кишини ҳибсга олди. Шундан 11 киши Россия фуқаролари, 6 нафари туркиялик. Бу ҳақда DHA агентлиги хабар тарқатди.

Бундан олдинроқ гумон билан қўлган олинган 30 кишининг 13 нафарига айблов қўйилганди.

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған терактга алоқадорликда гумон қилинаётганлар Россиянинг Доғистон республикасида яшовчи фуқаролари экани, шунингдек, улар орасида Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам борлигини маълум қилди. У теракт учун жавобгарликни ИШИД зиммасига юклаган.

Эслатиб ўтамиз, 28 июнь куни Истанбул шаҳридаги Отатурк аэропортида уч марта портлаш юз берди. Теракт оқибатида 44 киши қурбон бўлди ва 239 киши жароҳатланди.

Чеченистонлик Аҳмад Чатаев ушбу теракт ташкилотчилигида айбланаётган асосий гумондор. Чатаев “Имарат Кавказ” гуруҳи раҳбари Доку Умаров билан ҳамкорлик қилган, Умаров йўқ қилинганидан кейин эса ИШИДга қўшилган.

2016 йилнинг январида Россия Аксилтеррор қўмитаси Чатаев ИШИД таркибида Шимолий Кавказдаги жангариларга бошчилик қилаётгани ва Россия ҳамда Европа ҳудудида терактлар содир этишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди.