Хитой пойтахти Пекин марказида ўрта аср ёдгорликларидан бири Гугун - император саройи шаҳар ҳуснига кўрк бағишлаб турибди. Тяньаньмэнь майдонининг шимолида жойлашган Сарой тўрт томонидан баҳайбат деворлар билан ўраб олинган. Душмандан ҳимоя қилиш мақсадида саройининг атрофига махсус ариқ қазилган. Қурилиши 1420 йилда бошланган мазкур саройда салкам 500 йил мабойнида Хитойнинг Мин ва Цин сулолаларининг 24 нафар императори яшаб, мамлакат устидан ҳукмронлик қилган. Бугунги кунда ЮНЕСКОнинг Жаҳон Маданий Мероси рўйхатига киритилган - қадимда “Тақиқланган шаҳар” деб аталган Гугун саройи Мин сулоласининг иккинчи императори Чжу Ди томонидан ҳукмронлигининг тўртинчи йилида қурила бошланиб, 14 йилдан кейин фойдаланишга топширилган. Саройда минглаб хоналар мавжуд бўлиб, маълумотларга кўра 9 минг 999 яримта хона бор экан. Чунки Хитой афсоналарига кўра Осмон ҳукмдори 10 мингта хонага эга бўлишиши шарт экан. Ўзини “Осмон ўғли” деб атаган императоралар эса 10 мингта хонага эга бўлган иншоат қуришга ҳаққи йўқ экан. Шу сабабли ҳам битта хона битказилмай чалалигича қолиб кетган. Сарой қурилишига сарфланган маблағлар ҳақида аниқ маълумотлар сақлаб қолинмаган, бироқ қурилиш ишига юз минглаб усталар, миллионлаб қурувчилар жалб қилингани борасидаги ёзма манбалар бор. Қурилиш ашёлари мамлакатнинг барча бурчакларидан олиб келинган. Ҳатто пойтахтдан минг километр узоқликда жойлашган Гуандун ва Юньнань вилоятларидан ҳам қурилиш ашёлари олиб келинган.

Қадимий хитойликлар халқ урф-одатлари ва маданиятининг асосини ташкил қилган “усин” назарияси (яъни бешта ашёни: метал, ёғоч, сув, олов ва тупроқ)ни жуда ҳам Ҳҳурмат қилишган. Бу назарияга кўра, жануб ҳаётга куч бағишловчи олов ҳукмронлигига тааллуқли экан. Шу сабабли шаҳарнинг жанубий қисмида ҳукмронлик рамзи сифатида маъмурий қальа барпо этилган. Сув эса шимолга тааллуқли бўлиб, шаҳарнинг шимолий қисмида ҳукмдорлар оиласининг истиқомат қилиши  учун қальа қурилган. Тупроқ сариқ рангда бўлгани сабаб бу ранг мамлакат рамзи сифатида қабул қилинган бўлиб, Гугун шаҳрининг барча томлари сариқ рангга бўялган. Устунларнинг ҳаммаси олов ранги- қизил бўлиб, сариқ ва қизил ранглар умумий фаровонликни акс эттирар экан.

Муҳташам “Тақиқланган шаҳар” икки қисмдан-ташқи бино ва ички қароргоҳлардан иборат. Сарой дарвозалари ташқарисида Тайхэдянь, Чжунхэдянь, Баохэдянь каби қасрлар бўлиб, уларда асосан муҳим давлат ва сарой тадбирлари ўтказилган. Саройнинг шимолий қисмида Цяньцингун, Цзяотайдянь ҳамда Куньнингун қасрлари бўлиб, бу ерда Мин сулоласи даврида оилавий тадбирлар ўтказиларди. Энг ҳашаматлиси Тайхэдянь қасри бўлиб, бу каби ҳашаматли бино мамлакатда бўлмаган. Тўғри бу қасрдан камдан кам ҳолларда, яъни император тахтга ўтирганида, унинг туғилган кунида, ёзги ва қишки тенг кунликда, малика ва шаҳзодаларнинг никоҳ тўйларидагина фойдаланилган. Тарихда илк бор империя ағдарилиши ҳам айни Тайхэдянь қасрида эълон қилинган. Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг сўнгги императори Пу И 1912 йилда тахтдан воз кечган бўлишига қарамай, “Тақиқланган шаҳар”ни 1925 йилда тарк этган.

Йиллар давомида Гугун саройи ёнғинлар туфайли бир неча бор вайрон бўлишига қарамай, кўп ўтмай асл ҳолича тикланган. Пекиндаги Император саройининг тўлиқ номи аввалига “Цзицзинчэн”-яъни, “Ҳашаматли тақиқланган шаҳар” деб аталган. Кейинчалик “Гугун”, яъни “Собиқ ҳукмдорлар саройи” дейилган. Бугунги кунда Гугун номи билан машҳур. Хитой бой маданиятининг рамзи бўлмиш Гугун сўз билан таърифлаб бўлмайдиган дурдона эканлиги Хитой ва жаҳон меъморлари томонидан тан олинган.

Бугунги кунда саройда 9 мингдан ортиқ катта ва кичик иншоат бор. Шу сабабли ҳам Гугун саройи нафақат ўрта асрнинг ноёб меъморий ёдгорлиги, балки шу кунга қадар жуда яхши сақланган жаҳондаги энг йирик саройлар мажмуаси саналади. Айни дамда 720 минг квадрат метрни ташкил қилган Гугун - “Тақиқланган шаҳар” миллиондан ортиқ маданият ёдгорликларини сақламоқда. Бу каби мажмуа жаҳоннинг бирор бир мамлакатида учрамайди. Меъморий мажмуалар ва қадимий ёдгорликлар Гугуннинг ноёб маданияти рамзи саналади. Ҳар куни “Тақиқланган шаҳар”га ўн минглаб сайёҳ, бир йилда эса 10 миллион киши ташриф буюради. Шахсий эҳтиёжлари учун мазкур шаҳарни барпо қилган императорлар йиллар ўтиб, мазкур обида бу қадар кўп одамларни ўзига тортишини хаёлларига келтирмаган бўлишса, не ажаб. Чунки йиллар давомида бу ерда фақат император ва унинг оиласи истиқомат қилган. Шу сабабли ҳам “Тақиқланган шаҳар” деб аталади.

Мутахассисларнинг фикрича, ўрта асрларда феодал ҳукмдорларнинг сиёсий ва мафкуравий эҳтиёжлари мақсадида қурилган Гугун мажмуасининг фақат ярмигина бугунги кунда ташриф буюрувчиларга кўрсатилади. Шу сабабли ҳам сўнгги император Гугунни тарк этганига 80 йил бўлганига қарамай бу шаҳар ҳамон “Тақиқланган шаҳар”лигича қолмоқда, деган фикрлар ҳам айтилади.

Ш.Тўлаганов