Покистоннинг Хайбар-Пахтунхва вилоятидаги Мардан округида бомба портлаши туфайли 11 киши жароҳатланди. Шундан 2 нафари полициячи. Бу ҳақда маҳаллий ARY News телеканали хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, бомба дўкон яқинида ўрнатилганди. Сапёрларнинг баҳолашича, унда 600 грамм миқдоридаги портловчи модда бўлган.

Жабрланганларнинг барчаси шифохонага ётқизилган. Уларнинг аҳволи ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари портловчи қурилмани жойлаштирган жангариларни қидириш ишларини олиб боришмоқда.

Хайбар-Пахтунхва вилояти Покистон шимоли-шарқида, Афғонистон билан чегара ҳудудида жойлашган бўлиб, бу ҳудудда "Толибон" ҳаракати таъсиридаги кучлар ўрнашган.