Польша прокуратураси, ўтган йилнинг май ойида содир бўлган жиноят бўйича тергов ишини якунлади. Ўшанда, мамлакатнинг ўша вақтдаги президенти Бронислав Коморовскийга нисбатан ҳужум қилишга уринилган эди. Мазкур иш бўйича айблов хулосаси суд маҳкамасига юборилган, деб хабар қилади Gazeta Wyborcza.

Воқеа, Торунь шаҳрида, Коморовский сайловчилар билан учрашув ўтказаётган вақтда юз берган эди. Президент лимузиндан чиқаётган вақтда, оломон орасида бир эркак югуриб чиққан. Уни ҳукумат қўриқлаш бюроси ходимлари тўхтатиб қолган ва кейинроқ полиция ихтиёрига топширган. 

Айблов томонига кўра, 34-ёшли Ремигиуш Д. президентга зарба бермоқчи бўлган. Шунга кўра, у 5 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин. 

Аммо, айбланувчи ўз айбини тан олгани йўқ. Унинг айтишича, у абортларга қарши ҳаракат фаоли ҳисобланади, шу боис президентга шу мавзудаги маълумотни тақдим этмоқчи бўлган. 

Прокуратурага кўра, у Коморовскийга чап қўлида сариқ пакетчани олиб югурган, унда ҳомила сурати ва "Мени қутқар" сўзлари бўлган.